Тўрақорғонда маст фуқаро танишига болға отди
Наманганда 14 август куни Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро спиртли ичимлик таъсирида танишига болға отган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, фуқаро ўз уйида таниши билан спиртли ичимлик ичади. Бир шиша алкоголь маҳсулотини тугатишгач, шериги яна олиб келиш учун кўчага чиқиб кетади. Қайтиб келса, уй эгаси эшикни қулфлаб қўйган бўлади. Эшикдан кира олмаган маст фуқаро оғайнисининг уйига девордан ошиб ўтади. Буни кўрган уй эгаси унга қаратиб болғани отганида болға шеригининг ўнг оёқ болдир соҳасига теккан. Натижада жабрланувчи тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Қайд этилишича, суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, унинг олган тан жароҳати ўнг оёқ болдир суягининг очиқ синиши кўринишида бўлиб, оғирлик даражасига кўра, оғир тан жароҳати эканлиги кўрсатилган.
Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Тўрақўрғон туманида маст эркак синфдошининг оёғини болға билан жароҳатлагани ҳамда Наманганда 51 ёшли эркак спиртли ичимлик олиб бермагани учун калтаклангани ҳақида хабар берилганди.