Тошкент метрополитени айрим бекатларида йўловчилар тўпланиб қолаётганининг сабаби маълум бўлди

Тошкент метрополитени «Чилонзор», «Мирзо Улуғбек» ва «Новза» станцияларида куннинг тиғиз вақтида йўловчилар тўпланиб қолаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Фото: «Tez News»

Унга кўра, метрополитеннинг барча линиялари поездлар ҳаракатининг белгиланган жадвали бўйича ишламоқда. Таъкидланишича, Чилонзор линиясида Сергели йўналишини очилганидан сўнг йўловчилар оқими тиғиз вақтда ортиб кетган. Ҳолат бўйича айни вақтда Тошкент метрополитени УК томонидан поездлар таркибининг ҳаракатланиш вақти оралиғини қисқартириш, йўловчилар оқими камайгач эса, яна ошириш борасида чоралар кўрилмоқда.

Қайд этилишича, метрополитендан ҳар куни 250 мингдан ортиқ одам фойдаланади. Тошкент метрополитени УК раҳбарияти томонидан йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, аксарият ҳолларда йўловчиларнинг бутун платформа бўйлаб тўғри тақсимланмаслиги айтилган. Таъкидланишича, йўловчилар кўпинча поездларнинг фақат бош ёки дум қисмига киришга уринади, қолган вагонларда эса етарлича жой бўлади.

Бундан ташқари, кассалар олдида одамларнинг тўпланиши юзага келишига йўл ҳақини тўлашнинг Ягона транспорт картаси жорий этилгани сабаб бўлгани айтилган. Тошкент метрополитени тўловларни касса чипталаридан ташқари бошқа муқобил усуллар орқали ҳам амалга ошириш мумкинлигини эслатиб ўтган.

Аввалроқ Тошкент метросида узоқроқ юрган йўловчи кўпроқ пул тўлаши мумкинлиги хабар қилинганди. Унга кўра, кимнинг қанча масофа юргани ва унинг таннархга таъсиридан келиб чиқиб, яқинда табақалаштирилган тариф тизимини йўлга қўйилади.

Янгиликлар