Тошкент шаҳрида ўтказилган сектор раҳбарлари қабулида 300 га яқин мурожаат ўрганилди

Тошкент шаҳридаги оммавий қабуллар ҳафталиги доирасида ташкил қилинган пойтахт секторлари раҳбарларининг сайёр қабулида 300 га яқин мурожаат ўрганилди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 126 нафар фуқаронинг 300 га яқин мурожаати секторлар раҳбарлари, вилоят корхона ва ташкилотлари мутасаддилари иштирокида бирма-бир муҳокама қилинган. Фуқароларнинг 47 нафарини шахсан шаҳар ҳокимининг ўзи қабул қилиб суҳбатлашган. Уларнинг 70 га яқин муаммосини тинглаган.

Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, пенсия, болалар нафақаси, ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш, таълим соҳасидаги муаммолар, тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан бўлган.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Хусусан, фуқаро Дадабек Норқулов ва 8 нафар мурожаатчи пойтахтда жойлашган корхоналардан биридан 49,3 миллион сўмдан зиёд иш ҳақларини ундириб беришда амалий ёрдам сўраган. Бу мурожаат ўн кун ичида ўрганилиб, ижобий ҳал қилиб бериладиган бўлган.

Шунингдек, Олмазор тумани Ўрол Тансиқбоев кўчасидаги кўп қаватли 23-уйда яшовчи аҳоли вакиллари Тошкент шаҳри 3-сектори раҳбарига ўзлари яшаётган уйларга хизмат кўрсатувчи ширкат фаолиятидан шикоят қилган. Айтилишича, ширкатга кўп қаватли уйларнинг томни таъмирлаш учун кредит ажратилган бўлса-да, ишлар чала қолиб кетган. Камига бажарилган ишлар учун насияга олинган қурилиш материаллари ва усталарнинг хизмат ҳақларини беришда ҳам муаммолар бор. 3-сектор раҳбари бу масалани тўлиқ ўрганиб, муаммони қонуний-адолатли ҳал қилиб беришни ўз зиммасига олган.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Бундан ташқари, Тошкент давлат шарқшунослик университети битирувчиси Акбар Худойбердиев ўз мурожаатида ички ишлар тизимида ишлаш ниятида эканини билдириб, шу масалада амалий ёрдам сўраган. Унга пойтахт маҳаллаларидан биридаги бўш турган профилактика инспектори вазифаси таклиф этилган. Мирободлик Абдуманноп Абдумурсаловнинг тергов ҳаракатларидан норозилик билдирган мурожаати ҳам назоратга олинган.

Аввалроқ Олтинсой ва Деновдаги қабулларда салкам фуқароларнинг 120 га яқин муаммоси ҳал этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар