Тошкентда 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти тикланди. Ходимларнинг пуллари тўлаб берилди

Интернет тармоғида Тошкент шаҳар 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси ходимларининг ушбу муассаса фаолиятини қайта тиклаш ва тегишли тўловларни тўлаб бериш билан боғлиқ мурожаати юзасидан расмий баёнот берилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Маълум бўлишича, 3-сонли юқумли касалликлар шифохонасининг 243 нафар тиббиёт ходими бўлиб, улар Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 июлдаги 32-сонли баёнига асосан, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига сафарбар этилган. Муассаса ишга тушгач, биринчи 14 кунлик навбатда ушбу шифохонадан 63 нафар ходим, 21 июлдаги иккинчи 14 кунликка 16 нафар ходим ишга чақирилган. 5 августдаги учинчи 14 кунлик навбатда ишлаш истагида бўлган 53 нафар ходим жалб қилинган.

Ўрганишлар давомида тиббиёт ходимларининг барча талаблари қондириладиган бўлди. Хусусан, эпидемик вазиятнинг барқарорлашаётгани инобатга олиниб, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти қайта тикланиб, ходимлар иш жараёнига қайтарилиши белгиланди. Шунга кўра, ушбу шифохона очилиб, 15 августдан бошлаб беморларни қабул қила бошлади.

Бундан ташқари, карантин сабаб иш жараёнидан узилиб қолган ходимларга конун ҳужжатларида кўрсатилган тартибда асосий лавозим маошидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳам тўлиқ тўлаб берилди. Шунингдек, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида ишлаш истагини билдирган ходимларнинг мурожаатларини тегишли тартибда кўриб чиқиш бўйича керакли топшириқлар берилди.

Маълумот учун, 3-сонли юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари Зангиота туманида 2807 ўринлик янги очилган юқумли касалликлар шифохонасига жалб қилинганлиги муносабати билан ушбу муассаса ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди, дейилади ахборотда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 16 август соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 35 109 (+165) нафарни ташкил этмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда 30 664 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаро (87 фоиз) соғайган.

Ҳозирда мамлакатда 4215 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Янгиликлар