Тошкентда 200 млн сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган собиқ ширкат раҳбари қўлга олинди
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида ширкатларни норасмий бошқариб, кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Tez News»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими томонидан тумандаги «И-К.» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбарининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро О.Д. 2016—2018 йилларда ширкат директори лавозимида ишлаб келиб, турмуш ўртоғининг номига «Т.C.» МЧЖ ва танишининг номига «Т.М.» МЧЖни ташкил қилиб, уларнинг фаолиятини норасмий ўзи бошқариб, 2017 йилда банк муассасасидан ширкатга қарашли кўп қаватли уйларни жорий таъмирлаш учун 461,2 миллион сўм кредит расмийлаштиришга эришиб, юқоридаги МЧЖлар ўртасида пудрат шартномалари тузган. Далолатномаларга 229,3 миллион сўмлик ишлар бажарилганлиги тўғрисида сохта маълумотларни қўшиб ёзиб, жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Қайд этилишича мазкур ҳолат юзасидан О.Д. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 228-моддаси 1-қисми ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Фарғонада ҳоким қарори бўйича суд ишини ҳал қилиб беришини айтиб тадбиркордан 500 доллар пул олган адлия ходими қўлга олингани ҳамда Бекободда кам таъминланган оилалар учун ажратилган маблағларни талон-торож қилган маҳалла раисига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.