Фарғонада ҳоким қарори бўйича суд ишини ҳал қилиб беришини айтиб тадбиркордан 500 доллар пул олган адлия ходими қўлга олинди

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ҳоким қарори бўйича суд ишини ҳал қилиб беришини айтиб, тадбиркордан 500 АҚШ доллари миқдорида пул олган адлия ходими қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га маълум қилди.

Хабар берилишича, «М.А.» хусусий корхонаси иш юритувчиси М.М.нинг мурожаатига кўра, Тошлоқ туман Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси А.А. туманда бўш ер майдонини ушбу корхонага ажратилиши тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори бўйича Тошлоқ туман Маъмурий судида кўрилаётган ишни судда ишловчи танишлари орқали гаплашиб, қарорни ўз кучида қолдириш ва ишни унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан А.А. фуқаро М.М.дан пулларни олганлигини маълум қилиб, ўз ихтиёри билан «М.А.» хусусий корхонаси иш юритувчиси М.М.га етказилган зарар учун 500 минг сўм ва 100 АҚШ долларини ўз ихтиёри билан тақдим этганлиги процессуал расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 28 ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули, Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 миллион сўм ҳамда Aндижонда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан 159, 3 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Навоийда 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган «СЭС» бош шифокори ва омбор мудири ҳибсга олингани, Наманганда СЭОМ ходими 40 миллион сўм пора билан қўлга тушгани ва Паркентда «СЭС» ходимларининг давлатга салкам 400 миллион сўмлик зарар етказганлиги маълум қилинганди.

Янгиликлар