Тошкентда поликлиникаларда синов тариқасида янги электрон дастур ўрнатилди

Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги 3 та поликлиникада синов тариқасида янги электрон дастур ўрнатилди.

Маълум бўлишича, оилавий поликлиникаларда беморларнинг ортиқча навбат кутишига чек қўйиш мақсадида тумандаги 66-сонли оилавий поликлиникада кўп тармоқли ҳамда оилавий поликлиникаларни рақамлаштириш бўйича ишлаб чиқилган янги электрон дастур тақдимоти бўлиб ўтган. Тақдимотда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов «Электрон поликлиника» ахборот тизимини амалиётга татбиқ этиш соҳада турли оворгарчилик ва қоғозбозликларга чек қўйиши, хусусан, шифокор ва беморларга қулайликлар яратишини алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, у лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича мутахассисларга таклифларини берган.

Қайд этилишича, 2021 йил Янгиҳаёт туманидаги тиббиёт муассасаларини тўлиқ электрон платформага ўтказиш, ҳудуддаги кўп тармоқли ва оилавий поликлиникаларни локал тармоққа улаш ва модернизация қилиш учун 52 миллион 242 минг 500 сўм маблағ ажратилган. Ҳозирда Тошкентнинг Чилонзор, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларидаги тиббиёт муассасаларини мазкур электрон дастурга улаш бўйича амалий ишлар бошланган.

«Янгиҳаёт тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 65 ва 66-сонли оилавий поликлиникалари жами 30 та компьютер жамланмаси билан таъминланди. Бунда туман бўйича марказий кўп тармоқли поликлиника эксперимент тариқасида биринчи бўлиб ушбу янги электрон дастурга уланди. Шу билан бирга, шифокорларнинг дастур ёрдамида фаолият олиб бориши йўлга қўйилиб, тизимдан фойдаланиши бўйича ўқитилди», — деган Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов.

Мазкур дастур ишга тушиши орқали шифокор ва беморнинг ортиқча вақти тежалиши, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошиши айтилган. Шунингдек, шифокорлар фаолияти ва иш юкламасини мунтазам кузатиб бориш, статистик маълумотларни шаффоф тарзда юритиш имкони яратилиши қайд этилган. Бундан ташқари, фуқаронинг аввал қандай касалликлар билан оғригани, қандай муолажалар олгани ва унинг саломатлиги билан боғлиқ бошқа барча маълумотлар базада электрон шаклда сақланиши таъкидланган.

Маълумот ўрнида мазкур янги электрон дастур тиббиёт ходимлари ўртасида тиббий маълумотлар алмашинуви учун халқаро стандартдаги (FHIR) дастури ҳисобланиб, бир қатор қулайликларга эгалиги айтилган. Жумладан бу дастур ҳақиқий вақтда ҳисоботларни қабул қилиш ва узатиш, шахсий ва тиббий маълумотларни ажратиш, тиббий маълумотларнинг юқори даражадаги хавфсизлиги ва назоратини ташкил қилиш, янги ташкил этилган тиббиёт муассасаларини тез ва осон бирлаштириш имконини бериши айтилган.

Янгиликлар