Тошлоқда Хайрулло Бозоров пахта теримчиларига эсдалик совғалари топширди (фото)
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров пахта теримчиларига эсдалик совғалари топширди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Тошлоқ туманига ташрифи давомида «Заркент зийнати», «Низомжон ота ғурури», «Дурдона Барака» ва «Қўшақ ота Қамбаров» фермер хўжаликларида бўлган.
Қайд этилишича, Хайрулло Бозоров фермер хўжаликларида олиб борилаётган ишлар ва пахта йиғим-терим мавсумида теримчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишган.
Шунингдек, вилоят ҳокими фермер хўжаликлари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари билан қишлоқ хўжалиги экинлари экишда олиб бориладиган агротехника ишлари ҳамда ҳосилни белгиланган миқдорда олиш учун минерал ўғитларнинг ишлатилиши борасида фикр алмашган.
Бозоров фермер хўжаликларига ташрифи давомида туманда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш учун соҳа мутахассисларига ўз тавсияларини берган. Пахта йиғим-терими мавсумида фаол иштирок этаётган бир қатор теримчиларига вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари топширилган.
Аввалроқ Хайрулло Бозоровнинг Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури эълон қилингани эди. Кейинчалик Фарғона вилоят ҳокими Сўх туманига бориб, ҳудуддаги ижтимоий вазият билан танишгани маълум қилинди.