Учкўприкда фуқаронинг телефонини тортиб олган 4 нафар йигит қамоққа олинди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида 21 октябрь куни 600 минг сўмлик «Redmi Note-5»ни тортиб олган 4 нафар йигит қамоққа олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Учкўприк туманида 21 октябрь куни фуқаро А.А., М.Р., Қ.Б. ва вояга етмаган М.Ж.лар  бир гуруҳ бўлиб, «Nexia-1»да туман марказида пиёда ҳаракатланиб бораётган И.И.нинг ёнига келиб тўхтаган. Қўлидаги 600 минг сўмлик «Redmi Note-5» телефонини очиқдан-очиқ тортиб олган. Улар ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, юқоридаги кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида пойтахтдан уй олиб беришини айтиб, эркакни 20 минг долларга «ухлатган» одам ҳамда уй эгаси ухлаб қолганидан сўнг 600 минг сўмлик буюмларни ўғирлаган меҳмон ушланганди. Шунингдек, Фарғонада укасининг 8,5 минг доллардан ортиқ пулини ўғирлаган ака ушлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар