Ургутда салкам 1 кг опийни 13,4 минг долларга сотаётган жиноий шериклар ушланди

Самарқанд вилояти Ургут туманида 2 октябрь, душанба куни икки нафар шахсга салкам 1 кг бўлган опийни 13,4 минг доллар эвазига сотаётган жиноий шериклар ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, мазкур ҳолат 2 ноябрь куни Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими, Тойлоқ туман ИИБ ҳамда вилоят ДХХ ходимлари ҳамкорлигида Ургут тумани «Ишчан» МФЙда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Тадбир давомида мазкур маҳаллада яшовчи С., тумандаги «Жарқишлоқ» маҳалласида яшовчи Ш. ва Ж. фуқаро Г. ва З.га умумий оғирлиги 857,82 грамм бўлган опий гиёҳвандлик моддасини 13,4 минг доллар эвазига сотаётган вақтида қўлга олинган.

Фото: Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида чўнтагида гашиш олиб юрган маст эркак, Қўқонда эса 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Норинда уйида салкам 10 грамм гашиш сақлаган, Андижонда эса 4 минг долларга гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс ушланганди.

Янгиликлар