Ургутда калтакланиб, уйдан чиқариб юборилган аёл тасвирланган видео юзасидан расмий баёнот берилди
Ижтимоий тармоқларда 21 август куни «Саидова Маҳбубани ўз оила аъзолари калтаклаб, уйдан чиқариб юбормоқчи бўлганлиги тасвирланган ҳолат бўйича изоҳ кутиб қоламиз» номли лавҳа тарқалганди. Видеo юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ 22 август куни расмий баёнот берди.
Хабарга кўра, лавҳадаги ҳолат Ургут тумани «Мангитобод» маҳалласида 2020 йилнинг 17 июнь куни содир бўлган. Тасвирдаги фуқаро С. фуқаро Ш. билан 2012 йил ноябрь ойида қонуний турмуш қуриб, икки нафар фарзандли бўлган. Кейинчалик ўзаро келишмовчилик сабабли 2016 йилда С. аразлаб, шу маҳаллада яшовчи ота-онасининг уйига кетиб қолган. «Мангитобод» маҳалласи фаоллари аралашуви билан 2019 йилнинг август ойида улар ўзаро яраштирилиб, яна бирга яшай бошлаган. Бироқ орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, яна улар ўртасида низо келиб чиққан. С. фарзандларини олиб, иккинчи марта ота-онасининг уйига кетиб қолган.
Хабарда айтилишича, 2020 йилнинг июнь ойи бошларида Ш. бошқа аёл билан шаръий никоҳдан ўтиб, яшай бошлаган. Фуқаро С. 2020 йилнинг 17 июнь куни эрининг бошқа аёлга уйланганини эшитиб, икки фарзанди, онаси, холаси ва янгаси билан биргаликда собиқ турмуш ўртоғининг уйга борган. Турмуш ўртоғи Ш. уни уйга киришига қаршилик қилиб, ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. Натижада улар ўртасида ўзаро жанжал келиб чиққан. Жанжал давомида С. уйнинг деразаси ойнасини қўли билан уриб синдириши натижасида тан жароҳати олган. Ш. собиқ турмуш ўртоғи С.ни уйдан ҳайдаб чиқарган.
Шунингдек, 2020 йил 22 июнь куни фуқаро С. Ургут тумани бўйича ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, Ш. уни уйга киришига қаршилик қилиб, ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб тан жароҳати етказганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, С.нинг олган тан жароҳатини оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган. Экспертиза бўлинмасининг 2020 йил 30 июнь кунидаги хулосасига кўра фуқаро С.нинг олган тан жароҳатлари соғлиқнинг енгил бузилишига сабаб бўлган тан жароҳатлари гуруҳига кириши кўрсатилган.
Хабарга кўра, олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида 2020 йил 17 июнь куни содир бўлган жанжалда фуқаро С.нинг ўзи дераза ойнасини қўли билан уриши натижасида тан жароҳати олганлиги ҳамда жанжал иштирокчилари бир-бирларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ўз тасдиғини топганлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар юзасидан жиноят иши қўзғатишдан рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, С. ва бошқаларни хатти-ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланганлиги сабабли МЖтКнинг 41- ва 52-моддалари билан маъмурий тартибда кўриб чиқиш учун Маъмурий ишлар бўйича Ургут туман судига юборилган.
Маъмурий ишлар бўйича Ургут туман суди томонидан тўпланган ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб, қўшимча равишда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш ҳақида қарор прокуратурага юборилган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирги кунда тўпланган ҳужжатлар туман прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каттақўрғонда қайнукаси доимий тазйиқ ўтказиб келган аёлга ҳимоя ордери берилгани ҳақда хабар қилинганди.