Ёзёвонда дала шийпонидан умумий қиймати 2,5 млн сўм бўлган автомашина шиналарини ўғирлаган шахслар ушланди
Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги дала шийпонларидан бирига 9 августга ўтар кечаси ўғри тушган. Бу ҳақида Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ёзёвон тумани Андижон кўчасида жойлашган дала шийпонига бир гуруҳ номаълум шахслар ғайриқонуний равишда кирган. Умумий қиймати 2 500 000 сўмлик 6 дона автомашина шиналарини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида мазкур ўғирликни шу туманда яшовчи А.Х. ва С.Р. содир этганликда гумонланувчи сифатида қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Ёзёвон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ёзёвонда «Восход 3М» мотоциклини ўғирлаган шахс ушлангани, у ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлиги маълум қилинганди. Шунингдек, Фарғонада «Tracker» автомашинасини олиб қочган шахс қўлга олингани ҳақда хабар берилганди.