Жиззахдаги даволаш марказида беморларга тушлик берилмаётгани айтилган видео юзасидан ўрганиш ишлари бошланди
Жиззах вилоят прокуратураси даволаш марказидаги беморларга тушлик берилмаётгани айтилган видео юзасидан ўрганиш ишларини бошлади. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро Қ.Абдусаттаровнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаати Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилган.
Мурожаатда айтилишича, Қ.Абдусаттаров Жиззах вилоятидаги коронавирусга чалинган беморларни даволаш марказида даволанмоқда. Коронавирусга чалинганлар учун давлат томонидан 32 миллион сўм пуллар ажратилаётган бўлса-да, беморлар дориларни шахсий маблағлари ҳисобидан сотиб олмоқда.
Шунингдек, мурожаатда беморларга тушлик овқати берилмаётгани, муассасадаги бўш ўринларга беморлар сунъий равишда қабул қилинмаётганлиги ёритилган.
Мазкур мурожаатда баён қилинган ҳолатлар юзасидан Жиззах вилоят прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари бошланган. Айтилишича, натижаси ҳақида қўшимча равишда хабар берилади.
Аввалроқ Қувада карантин зонасидаги бемор Президентга видеомурожаат қилгани ҳақида хабар берилган.
Бундан ташқари, Aндижонда ИИБ ходимлари спортчи талабани калтаклагани ҳақидаги видео юзасидан баёнот берилгани, Тошкентда ҳижобдаги аёллар тутилиб, сўроқ қилинаётгани айтилган видео юзасидан расмий муносабат билдирилгани маълум қилинган эди.