Жондор ҳокими туман «қониқарсиз» ҳудуд деб баҳолангани учун аҳолидан узр сўради

Бухоро вилояти Жондор туман ҳокими Камол Камолов туман «қониқарсиз» ҳудуд деб баҳолангани учун аҳолидан узр сўради. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.

Фото: ЎзA

Хабарга кўра, туман ҳокими Халқ депутатлари Жондор тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳудуддаги муаммоларга тўхталиб ўтиб, кейинги истиқболли режаларни маълум қилган. Қайд этилишича, Камол Камолов соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталган. Шунингдек, туман «қониқарсиз» ҳудуд деб баҳолангани учун узр сўраган.

«Туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида мавжуд имкониятларимизни ишга солиб, бор куч-ғайратимиз билан барча сектор раҳбарлари, туман фаоллари, депутатлар билан биргаликда ишларни тўғри ташкиллаштириб, баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига кўра ‘қониқарсиз’ деб топилган туманимизни жуда қисқа фурсатда ‘ўрта’ баҳоланган ҳудудлар сафига қўшишга сизларни ва давлатимиз раҳбарини ишонтираман. Барча белгилаб берилган вазифалар ва тавсиялар ўз вақтида ҳамда тўлиқ ижро етилишига ваъда бераман», — деди туман ҳокими.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев одамларнинг турмушини яхшилашга ҳаракат қилмаган раҳбар бир кун ҳам ишламаслигини таъкидлаган эди.

Янгиликлар