Жондорда 4 миллиард сўмдан ортиқ пулга болалар-ўсмирлар спорт мактаби қурилди

Бухоро вилояти Жондор туманида 4 миллиард сўмдан ортиқ пулга 2-сон Болалар-ўсмирлар спорт мактаби қурилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Жондор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, мазкур 2-сон Болалар-ўсмирлар спорт мактаби Вазирлар Маҳкамасининг 17 февралдаги «Спорт-таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, вилоят ҳокимининг 21 февралдаги ҳамда Жондор туман ҳокимининг 22 февралдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

Фото: Жондор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, спорт мактаби қурилиш ишлари 2019 йил бошланган бўлиб, 2020 йил фойдаланишга топширилди. Капитал реконструкция ишлари учун маҳаллий бюджет томонидан 4,2 миллиард сўм ажратилган.

Шунингдек, ушбу болалар-ўсмирлар спорт мактабида 47 нафар тренер (13 нафари аёл) 106 та гуруҳда 1493 нафар (352 нафар қиз) ўқувчига спортнинг 15 тури бўйича сабоқ бериш имкони мавжуд.

Фото: Жондор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, спорт мактабида бадиий гимнастика, кураш, бадминтон, самбо, баскетбол, таэквандо-ИТФ, бокс, шахмат, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, юнон-рум кураши, стол тенниси, футбол машғулотлари олиб борилади.

Узтозлар байрами арафасида фойдаланишга топширилган спорт мактабига туман ҳокими ўринбосари Мансур Муҳаммедов бориб, янги қурилган бино шароитлари билан танишган ва барча устоз ва мураббийларни байрам билан қутлаб, уларга совғалар улашган.

Фото: Жондор туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Ғивдувондаги иқтидорли болалар мактаб-интернати 3,5 млрддан ортиқ маблағга реконструкция қилингани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Бухорода Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази очилган.

Янгиликлар