Европа Украинага қўшин юборишда қийинчиликларга дуч келмоқда

Европа давлатлари Украинага тинчликпарвар кучлар сифатида 25 минг аскар юбориши қийин кечмоқда. Бу ҳақда The Times хабар берди.

Манбаларга кўра, бунга армия таркиби ва молиялаштиришдаги муаммолар сабаб бўлмоқда.

Буюк Британия мудофаа штаби бошлиғи Тони Радакин 64 минг аскардан иборат контингент тузишни таклиф қилган эди. Лекин Европа давлатлари мудофаа вазирлари бунинг имконияти йўқлигини, ҳатто 25 минг кишилик контингент учун ҳам биргаликдаги ҳаракат зарурлигини билдирган.

Хабарга кўра, Европа давлатлари мудофаа вазирлари 10 апрелда бўлган «кўнгиллилар коалицияси» йиғилишида ва Брюсселдаги тор доирадаги учрашувда буни муҳокама қилишган.

Шунингдек, икки йиллик ротация ҳисобга олинганда ҳам бундай миссия учун жами 256 минг аскар керак бўлиши мумкинлиги айтилган.

Буюк Британия Украинага 10 минггача, Франция эса 5-10 минг аскар юборишга тайёрлигини билдирган. Эстония ва Финляндия ўз чегараларини заифлаштиришдан хавотирда, Полша, Испания ва Италия эса қўшин юборишни истамаяпти. Финляндия ва Германия қуруқликдаги кучлар юборишга қарши, бироқ Германия бу қарорни расмий инкор қилмаган.

Британия ва Франция ҳарбий инструкторларни Ғарбий Украинага юборишни режалаштираётганини, бироқ улар фронт чизиғига яқинлашмаслигини ва жанговар ҳудудларда иштирок этмаслигини маълум қилган.

Жаҳон