Андижонда $5 минг талаб қилган «Энергосавдо» юристконсулти ушланди
Электр энергиясига етказилган моддий зарарни пул эвазига бартараф этмоқчи бўлган.

Ҳудудий электр тармоқларининг «Энергосавдо» филиали Андижон бўлинмаси етакчи юристконсулти пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, ушбу мансабдор пишлоқ ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖга нисбатан расмийлаштирилган далолатномага кўра, электр энергиясидан нотўғри фойдаланиш бўйича ҳисобланган 788,4 млн сўмлик моддий зарарни бартараф этиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Жумладан, жорий йилнинг 1 май куни у сўралган пул маблағидан 500 АҚШ долларини олган.
Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда у қолган 4500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Ҳозирда юристконсултга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





