Бухоро туманида ўғрилик қилиб, терговдан яширинган эркак ушланди
Бухоро туманида ўғрилик қилиб, терговдан яширинган эркак 3 ноябрь, сешанба куни ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро шаҳар «Соҳибкор» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1981 йилда туғилган Б.Н. Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган. Шунинг учун мазкур фуқарога шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 22 сентябрь кунидан бошлаб қидирув эълон қилинган.
Хабарга кўра, вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур қидирувдаги шахс Бухоро тумани ҳудудида қўлга олинган. Сўнгра Ички ишлар бошқармаси пробация ва Жазони ижро этиш бўлимига қарашли 4-сонли Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Таъкидланишича, фуқарога нисбатан эълон қилинган қидирув бекор қилинган.
Аввалроқ Жондорда қидирувда бўлган эркак Қоракўлда ва Ромитанда қидирилаётган эркак Тошкент шаҳрида қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, ўғрилик қилиб, терговдан яшириниб юрган 2 нафар эркак Бухоро шаҳрида ҳамда Когонда ушлангани маълум қилинганди.