Бухорода салкам 22 минг гектар ер ноқонуний ажратиб берилгани аниқланди
Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Бухорода 21 493 гектар ерни ноқонуний муомалага қаратиш билан боғлиқ қонунга зид қарорлар қабул қилингани маълум қилинган. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.
Таъкидланишича, Бухоро вилоятида 21 493 гектар ерни ноқонуний муомалага қаратиш билан боғлиқ қонунга зид қарорлар қабул қилинган. Жумладан, Жондор туман ҳокими 2020 йил 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ерни чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмаса ҳам ноқонуний ажратиб бергани аниқланган.
Бундан ташқари, Арнасой туман ҳокимининг ўринбосари С.М. «Оққуш ҳалол парранда» жамияти раҳбари Ж.О.га 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 13 минг доллар талаб қилиб, 2 минг доллар олганида қўлга тушган.
Шунингдек, ер ажратиш жараёнларида коррупциявий жиноятлари учун сўнгги икки йилда ҳокимликларнинг 22 нафар масъул ходимлари жавобгарликка тортилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ўтган икки йилда қанча мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани айтилган эди. Шунингдек, бош прокурор ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилганини маълум қилганди.