Когон шаҳрида қиймати 22 млрд сўмга яқин 14 та лойиҳадан иборат саноат зонаси ташкил этилади (фото)

Бухоро вилояти Когон шаҳрида қиймати 22 миллиард сўмга яқин 14 лойиҳадан иборат кичик саноат зонаси ташкил этилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Когон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 29 октябрь, пайшанба куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Умаров Когон шаҳарда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишиш мақсадида ташриф буюрган. Ҳоким дастлаб шаҳарда ташкил этилган кичик саноат зоналарига борган.

Фото: Когон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 11 октябрдаги «Бухоро вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Когон шаҳар собиқ тиббиёт бирлашмасининг 2,2 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, мазкур ер майдонида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган тадбиркорларга ажратиб бериш мақсадида 16 та лотларга бўлинган.

Фото: Когон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳудуд 225 та янги иш ўринлари яратиш эвазига тадбиркорларга ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ажратиб берилган. Ҳудудда умумий қиймати 21 995 400 000 сўм бўлган 14 та лойиҳа ташлил этиш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг 3 таси ишга тушган ва 22 та янги иш ўрини яратилган.

Фото: Когон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, 2020 йил якунига қадар 9 та лойиҳада қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, 204 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. 2021 йилнинг 1 чорак якунига қадар қолган 2 та лойиҳа ишга тушиб, 21 нафар янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Бундан аввал Бухорода бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва аҳолини иш билан таъминлаш учун 2 триллион сўмдан ортиқ пул сарфланиши кутилаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Бухоро шаҳрида 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши ҳамда Бухоро вилоят ҳокими Марказий деҳқон бозоридаги нархлар билан танишгани маълум қилинганди.

Янгиликлар