Бухоро вилоят ҳокими Марказий деҳқон бозоридаги нархлар билан танишди
Бухоро ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров ва Бухоро шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, тегишли ташкилотлар ва секторлар масъуллари Марказий деҳқон бозоридаги нарх-навони ўрганди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ташриф давомида вилоят ҳокими маҳсулотларнинг нархи ва сифати, тўлиқлиги ва захирасини кўздан кечирган. Бирламчи озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тўлиқ бўлиши, нархларнинг ошиб кетмаслиги, сотувчиларнинг ўз ишига виждонан ёндашиши кераклигини таъкидлаган.
Хабарга кўра, ўрганиш натижасида:
- мол гўшти 50 минг сўмдан 60 минг сўмгача;
- балиқ 38 минг сўмдан;
- тухум 900 сўмдан 1200 сўмгача;
- шакар 6000 сўмдан
- Қозоғистонда ишлаб чиқарилган биринчи навли уннинг бир килограми 4500 сўмдан, олий навли ун 6 000 сўмгача;
- гуруч 5000 сўмдан 10 минг сўмгача бўлган нархларда сотилаётганлиги аниқланган.
«Бугун нимадир қимматлигини баҳона қилиб, нархларни осонгина ошириб олиш керак эмас. Муомалангиздан, кўрсатаётган хизматингиздан, тавсия этаётган маҳсулотингиз сифати ва нарх-навосидан одамларнинг кўнгли тўлиб қайтсин», — дейди Фарҳод Умаров.
Бундан ташқари ўрганиш давомида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 16 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар яна бир бор муҳокама қилиб олинган.
Аввалроқ Бухоро ҳокими 573 минг доллар инвестиция ҳисобига амалга оширилаётган ва қурилиши бошланган 3 та ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Бухорода вилоят ҳокими иштирокида югуриш марафони ўтказилгани ҳамда Бухоро ҳокими Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби қурилиш жараёни билан танишгани маълум қилинганди.