Коррупцияга қарши курашиш – даврнинг долзарб масаласи

Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, барча соҳаларда жамоатчилик назоратини кенг йўлга кўйиш, жараёнда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш йўлида самарали ишлар олиб борилмокда.

Ўз навбатида, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг коррупцияга қарши курашдаги иштироки, жазо муқаррарлигини таъминлаш каби омиллар Ўзбекистон Республикаси «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунида ўз аксини топиб, алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ 5729-сонли Фармонига кўра, 2020 йил 1 апрелга қадар давлат улуши мавжуд ташкилотларда «Комплаенс назорат» тизимини жорий қилиш талаби қўйилди.

Айтиш жоизки, «Ўзавтосаноат» АЖ ва тизим корхоналарида ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олди олинишини, аниқланишини ва уларга чек қўйилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамиятда Коррупцияга қарши курашиш ички назорат тизими Ўзбекистонда биринчилардан жорий этилган бўлиб, мазкур тизим фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, АҚШнинг Хорижда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонуни, Буюк Британиянинг Коррупция тўғрисидаги қонуни тамойиллари ҳамда илғор халқаро амалиётларга асосланган.

Ўзбекистон Республикаси «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тавсияларига мувофиқ, Жамиятнинг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назоратига оид сиёсатлари, процедуралари, услубиётлари ва низомлари такомиллаштирилди ҳамда тизим корхоналарида ҳам татбиқ этилди.

Мазкур сиёсатлар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг оқибатлари, манфаатлар тўқнашувининг моҳияти, бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш ва йўл қўймаслик бўйича тавсиялар, Жамиятнинг бизнес ҳамкорлари риоя этиши лозим бўлган одоб-ахлоқ қоидалари, ходимларни ишга қабул қилишдаги тартиблар, хайрия ва тижорат ҳомийлиги, жиноятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш, санкциялар ва экспорт назоратига оид 17 та ички меъёрий ҳужжатлар тўпламини ташкил этади ҳамда  коррупцияга қарши курашишда муросасизлик муносабатини билдиради.

Бундан ташқари, Жамиятда бизнес ҳамкорларнинг умумий ишончлилигини ўрганиш (due diligence) амалиёти ҳам йўлга қўйилган. Бунда, DowJones халқаро маълумотлар базаси ёрдамида контрагентлар барча хавфлар кесимида кенг қамровли текширувлардан ўтказилади. Алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир шартнома коррупцияга қарши курашиш қонунчилиги ва санкциялар рўйхати бўйича алоҳида мониторинг қилинади.

Жамиятда жорий йилнинг ўтган даври давомида коррупцияга қарши курашиш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Булар жумласига коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган алоқа каналларида мурожаатларни автоматик ёзиб олиш, аноним мурожаатларни қолдириш имконияти яратилганлиги, меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши шартлар киритилганлиги, «Oʻzavtosanoat Online Support» телеграм боти ишга туширилганлиги, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари  учун ишлаб чиқариш корхоналарига пресс-турлар ташкиллаштирилганлиги, енгил автомобилларни онлайн сотуви учун мўлжалланган «UzAutoSavdo» тизимида модернизация ишлари амалга оширилганлиги киради.

Юқоридаги вазифаларни бажаришда Жамият ходимлари малакасини ошириш учун доимий ўқув амалий машғулотлари ўтказиб келинмоқда ҳамда ҳамда фуқаролар ва ишчи-ходимлар билан тўғри комуникация ўрнатиш мақсадида аноним сўровномалар ўтказиб, натижаларини таҳлил қилиш, алоқа каналлари имкониятларидан самарали фойдаланиб келинмоқда.

«Ўзавтосаноат» АЖ тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича ишлар тизимли равишда давом этади ва бў йўлда энг илғор миллий ва хорижий тажриба қўлланилиб, фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари билан очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик давом этади.

«Ўзавтосаноат» АЖ Бошқарув раисининг ўринбосари Фарход Тураев.

Янгиликлар