Олмалиқда ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да талабгорлар кўплиги сабаб тиқилинч юзага келди (видео)

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида корхона, ташкилотлар, хусусан, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» иштирокида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида талабгорлар кўплиги сабаб катта тиқилинч юзага келди. «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ахборот хизмати бунга изоҳ берди.


Хабарга кўра, 4 октябрь, чоршанба куни бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилмоқда. Ярмарка ўтказиш учун «Металлург» маданият саройи танланган. Бироқ талабгорларнинг кўплиги, хусусан, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати»га ишга кириш истагида яқин ҳудудлардан ҳам келган фуқаролар ҳисобига мўлжаланган жойда тиқилинч юзага келди.

Фото: «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, шундан сўнг шаҳар ҳокимлиги, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» масъуллари томонидан «Меҳнат ярмаркаси» мазкур маданият саройига ёндош ҳудудда жойлашган «Ёшлар боғи»га кўчирилди. Aйни пайтда «Ёшлар боғи»да Олмалиқ шаҳар сектор раҳбарларининг сайёр қабули ҳам бўлиб ўтмоқда.

Таъкидланишича, шаҳар масъуллари томонидан ёшларнинг мурожаатлари ўрганилиб, келгусида очилиши режалаштирилган янги иш ўринлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда.

Фото: «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ахборот хизмати

Маълум қилинишича, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» томонидан фуқароларни ишга қабул жараёнлари ҳақида ҳамда қабул ўтказиладиган кунлар ва қайси ихтисослик учун қачон суҳбат бўлиши ҳақида расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали доимий ахборот бериб борилади.

Бундан авввал Ўзбекистон туманида ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 15 киши ва Тошлоқда ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 33 нафар фуқаро иш билан таъминлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Каттақўрғонда икки мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши ҳамда Қўштепада ташкил этилган «Меҳнат ярмаркаси»да 21 киши иш билан таъминлангани маълум қилинди.

Янгиликлар