Ўзбекистон Экологик партиясига янги раис сайланди

Комилжон Тожибоев 20 ноябрь куни Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитасига раис этиб сайланди. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Hujayra»

Комилжон Тожибоев 1973 йилда Наманган вилоятида туғилган. У биология фанлари доктори, академик ҳисобланади. Олимнинг 80 га яқин илмий мақолалари хорижий журналларда чоп этилган. Комилжон Тожибоев Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг асосий муаллифларидан бири, унинг тадқиқотлари натижасида 20 га яқин янги ўсимлик турлари фанга киритилган.

Комилжон Тожибоев бунга қадар Ўзбекистон Фанлар Aкадемияси Ботаника институти директори вазифасида ишлаб келаётганди.

Aввалроқ партиянинг собиқ раиси Борий Aлихонов Президент фармони билан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Экологик партияси 2019 йил январь ойида давлат рўйхатидан ўтказилган. Партиянинг асосий мақсади барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф-муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишга қаратилган.

Янгиликлар