Ўзбекистон фуқароларини хориждан олиб келиш бўйича 5 август кунги чартер рейслар эълон қилинди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистон фуқароларини хориждан олиб келиш бўйича 5 август куни ташкил этиладиган чартер рейсларни эълон қилди.
Рўйхатга кўра:
Тошкент—Сеул—Тошкент;
Қоҳира—Тошкент—Қоҳира йўналишларида қатнов амалга оширилади.
Фуқаролар парвозга консуллик муассасалари томонидан рўйхатга олинади ҳамда «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясига тақдим этилади. Ушбу рўйхат асосида фуқаролар самолёт бортига киритилади.
Таъкидланишича, рўйхатга биринчи навбатда бемор фуқаролар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар ҳамда бекор қилинган доимий авиақатновларга чипта харид қилган фуқаролар қўйилади. Чипталарни фуқаролар парвоздан 4 соат олдин хорижий мамлакатларнинг халқаро аэропортларидаги «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг кассаларидан олишлари мумкин бўлади. Шунингдек, Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар ўз хоҳишига кўра 14 кунлик карантин муддатини давлат томонидан бепул таъминланадиган карантин марказларида ёки пуллик меҳмонхонада ўтказиши мумкин.
Аввалроқ Россиядан чартер рейс орқали олиб келинган 501 нафар ўзбекистонлик Самарқанддаги карантин марказига жойлаштирилгани, Украинадаги Ўзбекистон фуқаролари учун 5–6 август кунлари чартер қатнови амалга оширилиши ва Нью-Йоркдан 31 июль куни яна 256 нафар фуқаро ватанга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш ишларини ташкил этишда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатга эга эмаслиги хамда хорижда меҳнат фаолияти вақтида оғир тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси мамлакатга бепул олиб келиниши маълум қилинганди.