Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги парвозларни босқичма-босқич тиклашга чақирди
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 30 ноябрь куни бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштирок этди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон коронавирус пандемияси шароитида туризм ва маданий алмашинувни ривожлантириш учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ўртасидаги парвозларни босқичма-босқич қайта тиклашга чақирган.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, бу жараённи коронавирус пандемияси шароитида барча санитария талабларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш зарур. Шунингдек, Арипов Ўзбекистон ҳар йили ШҲТда раислик қилаётган мамлакат шаҳарларидан бирини ташкилотнинг сайёҳлик ва маданий пойтахти деб эълон қилиш таклифини илгари суришини билдирган.
«Шунингдек, биз 2021–2022 йилларда туризм соҳасида ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлиги дастурини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тез фурсатларда тасдиқлашни қўллаб-қувватлаймиз», — дейди Абдулла Арипов.
Аввалроқ Абдулла Арипов Қирғизистон ташқи ишлар вазирини қабул қилгани ҳамда Душанбеда Тожикистон президенти билан учрашгани ҳақида хабар берилган.