Ўзбекистонда давлат идораларининг ошкор этилиши керак бўлган маълумотлари тури кенгайди
Ўзбекистонда давлат идораларининг веб-сайтларига жойлаштирилиши керак бўлган маълумотлари тури кенгайтирилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, «Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтларида мулкдор функциялари амалга оширилаётган давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг қуйидаги маълумотлари жойлаштирилади:
- устав фонди;
- давлат улуши;
- ҳар чорак ва йил якунлари бўйича бухгалтерия баланси ва молиявий натижалари;
- ишлаб чиқариш кўрсаткичлари;
- иш ўринлари сони;
- корхоналар бошқарув ва назорат органлари таркиби.
Таъкидланишича, 2021 йил 1 январдан давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида иқтисодий, молиявий ва бошқа статистик муълумотлар, шу жумладан, ҳар чоракда йиллик бизнес-режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисобот жойлаштирилади.
Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар қуйидаги маълумотларни ҳар чорак якунлари бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигининг махсус ахборот тизимида жойлаштириб боради:
- бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилиши;
- ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш;
- солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар;
- ташқи қарздорлик;
- маҳаллийлаштириш ва инвестиция лойиҳалари бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар.
Аввалроқ Тошкент давлат юридик университети молиявий фаолияти тўғрисидаги маълумотларни эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат бюджетининг 6 ойлик дефицити миқдори маълум қилинган.