Ўзбекистондаги коллеж ва техникумларда 2020/2021 ўқув йили учун контракт миқдори белгиланди

Ўзбекистондаги коллеж ва техникумларда 2020/2021 ўқув йили учун контракт миқдори белгиланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, 16 ноябрь куни АОКАда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2020/2021 ўқув йилида коллежлар ва техникумларга ҳужжат топширган абитуриентлар учун саралаш имтиҳонларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтган. Унда коллежлар ва техникумларнинг тўлов-шартнома пуллари миқдори ҳақида ҳам маълумот берилган.

Қайд этилишича, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб коллежлар ва техникумларда тайёрлов йўналишлари кесимида тўлов-контракт асосида бир ўқувчини ўқитиш қиймати меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ белгиланади.

Унга кўра:

  • Соғлиқни сақлаш, педагогика, бизнес ва бошқарув, санъат, ижтимоий таъминот, хизмат кўрсатиш, журналистика ва ижтимоий ахборот — 4 211 846 сўм;
  • Табиий фанлар, транспорт, муҳандислик иши, алоқа ва ахборотлаштириш, телекоммуникация технологиялари, компьютер технологиялари ва информатика, гуманитар фанлар (телевидение йўналиши) — 4 075 980 сўм;
  • Қишлоқ хўжалиги ирригация ва мелиорацияси, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари, архитектура ва қурилиш, ҳаётий фаолият хавфсизлиги, қишлоқ хўжалик техникаси, ветеринария, атроф-муҳит муҳофазаси — 3 940 114 сўм.

Аввалроқ Ўзбекистон олий таълим муассасаларида контракт пулларини тўлаш муддати маълум қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда талабаларга контрактни тўртга бўлиб тўлаш имкони берилган.

Янгиликлар