Қўрғонтепада коронавирусга чалинган беморларни даволашда қатнашган 40 нафар шифокор рағбатлантирилди
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида 4 ноябрь, чоршанба куни коронавирусга чалинган беморларни даволашда қатнашган 40 нафар шифокор рағбатлантирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 4 ноябрь, чоршанба куни Қўрғонтепа туманида коронувирусга чалинган беморларни даволашда иштирок этган 40 нафар тиббиёт ходими тақдирланган. Шифокорларга «Ташаккурнома»лар топширилган.
Хабарга кўра, шифокорларга:
- 8 килограммдан гўшт;
- 40 килограммдан картошка;
- 30 килограммдан пиёз;
- 35 килограммдан сабзи;
- 25 килограммдан ун;
- 25 килограммдан гуруч;
- 5 килограммдан шакар;
- 5 литрдан ўсимлик ёғи топширилган.
Аввалароқ Қоракўлда коронавирусга қарши курашаётган шифокорларга 352 миллион сўм тўлаб берилгани ва Қоракўлда 38 нафар шифокорга 500 миллион сўмдан ортиқ мукофот пуллари топширилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Бухорода 38 нафар шифокор 410 миллион сўм миқдорида моддий рағбатлантирилгани ҳамда Самарқандда коронавирусга қарши курашиш учун 112 миллиард сўм маблағ сарфлангани маълум қилинган.