Самарқандда коронавирусга қарши курашиш учун қанча маблағ сарфлангани маълум қилинди

Самарқанд вилоятида коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун 112 миллиард сўм сарфланди. Бу ҳақда вилоят Молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Матбуот уйида ўтказилган брифингда маълум қилди.

Таъкидланишича, мазкур маблағ Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан ажратилган.

Қайд этилишича, ушбу маблағ қуйидаги ҳолатларга сарфланган:

  • вилоятдаги тиббиёт, санитария ва эпедимология хизмати ходимлари ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар учун 3 935 нафар ходимга 17 миллиард 036 миллион сўм;
  • 14 кунлик фаолият даври учун белгиланган 5 миллиондан 25 миллион сўмгача бўлган махсус рағбатлантириш тўловлари учун 1 547 нафар ходимга 37 миллиард 408 миллион сўм.
  • беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган ходимларга тўланадиган бир марталик тўлов (100 миллион сўм) махсус тўловлар учун 8 нафар ходимга 1 миллиард 136 миллион сўм;
  • лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар (СЭОМ ходимлари учун) 1 301 нафар ходимга 3 миллиард 427 миллион сўм.

Бундан аввал Қоракўлда 38 нафар шифокорга 500 миллион сўмдан ортиқ мукофот пуллари топширилгани ва 38 нафар шифокор 410 миллион сўм миқдорида моддий рағбатлантирилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Европа Иттифоқи Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 2 миллион евро ҳамда Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун бюджетдан 3 триллион сўм ажратилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар