Қўштепада 4 нафар кам таъминланган хотин-қизга тикув машиналари топширилди

Фарғона вилояти Қўштепа туманида «темир дафтар»га киритилган 4 нафар хотин-қизга 30 октябрь куни тикув машиналари ҳамда 4 нафар ногиронлиги бор фуқарога ногиронлик аравачалари топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Қўштепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, туман ҳокими ва сектор раҳбарларининг ташаббуси билан секторлар кесимида «темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оилалардан 4 нафарига ногиронлик аравачаси топширилди. Шунингдек, карантин вақтида ишсиз қолган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида уларнинг 4 нафарига тикув машиналари етказиб берилган.

Фото: Қўштепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, туманда «темир дафтар»га киритилган оилалар бандлигини таъминлашда мунтазам иш ташкил этилган. Aмалий саъй-ҳаракатлар натижасида ҳудуддаги мавжуд камбағал оилаларга имтиёзли кредит ва субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилган. Фермер хўжаликларидаги ерларда такрорий экин етиштириш имконияти яратилган, тикув машинаси, қўй, қуён ва парранда тарқатилиб, хонадон эгаларининг бандлигини таъминлашда тизимли иш йўлга қўйилмоқда.

Фото: Қўштепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Қўштепада 25 та эҳтиёжманд оилага кредит асосида 2 бошдан қўй тарқатилгани ва Оқдарёда эҳтиёжманд оилаларнинг вояга етмаган фарзандларига 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ етказилгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Тошлоқда вилоят ҳокими «темир дафтар»га киритилган фуқаро ҳолидан хабар олгани ҳамда Тойлоқда эҳтиёжманд оилаларга маиший техника ва пул маблағлари тарқатилгани маълум қилинган.

Янгиликлар