Самарқанд республикага пахта топшириш режасини тўлиқ бажарди
Самарқанд вилоятида 2020/2021 пахта йиғим-терим мавсумида cалкам 216 минг 178 тонна ҳосил териб олинди. Бу кўрсаткич билан вилоят республикага пахта топшириш режасини 100,31 фоизга бажарди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 2020 йилда самарқандлик пахтакорлар 216 минг 178 тонна ҳосил териб олди. Белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилганлиги сабаб деҳқонларнинг самарали меҳнати эвазига пахта йиғиб олинди. Белгиланган режа 100,3 фоизга бажарилди. Ҳозирга қадар вилоятнинг Қўрғонтепа, Пахтачи, Нуробод, Иштихон, Нарпай, Пастдарғом, Оқдарё, Пайариқ, Жонбой туманларида пахта топшириш режаси бажарилган.
«Вилоятимиз фермер хўжаликлари ва пахтачилик кластерлари шартномавий мажбуриятларини уддалашди. Бу қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг ва манфаатнинг натижасидир. Манфаат — одамларни далага олиб чиқди, мўл ҳосил яратди. Пахтани етиштириб, йиғиб-териб олишда ҳам муҳим омил бўлди. Пахтани етиштиришда (парвариш қилишда), йиғиб-териб олишда ҳиссасини қўшган барча-барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман», — дейди вилоят ҳокими Эркин Турдимов.
Аввалроқ Фарғона республика бўйича пахта топшириш режасини биринчи бўлиб бажаргани ҳақида хабар берилганди.