Каттақўрғон ва Пахтачи туманларида пахта топшириш режаси 100 фоизга бажарилди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон ва Пахтачи туманлари 2020 йилги пахта топшириш бўйича шартнома режасини 100 фоизга бажарди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Каттақўрғон тумани давлатга 31 772 тонна пахта топшириши белгиланган бўлиб, туман 24 октябрь ҳолатига кўра режани 100,47 фоизга бажариб, 31 921 тонна пахта топширган. Шунингдек, Пахтачи тумани ҳам 24 926 тонна билан шартнома режасини 100,01 фоизга бажарган.
Қайд этилишича, бунда кластер корхоналари хизматчилари, Наманган шаҳридан келган минглаб ҳашарчилар, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳам иштирок этган.
Аввалроқ Нуробод тумани пахта топшириш режасини вилоятда биринчи бўлиб бажаргани ҳақида хабар берилганди.