Қонунчилик палатасида Сенат томонидан рад этилган «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун қайта кўриб чиқилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакиллари 5 август куни бўлиб ўтган мажлисда «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Қонунчилик палатаси томонидан «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун 2019 йил 24 октябрь куни қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилган. Мазкур қонун Сенатнинг 2020 йил 28 февралдаги қарори билан рад этилиб, юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида қонунда белгиланган тартибда иккала палата ўртасида келишув комиссияси тузилган.
Комиссия томонидан эса билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклиф ва эътирозлар кўриб чиқилиб, қонун қайта таҳрир қилинган. Шунинг учун 5 август куни халқ вакилларининг қайта муҳокамасига қўйилган.
«Қонуннинг айрим моддалари ўзгаришсиз қолдирилган бўлса, унинг халқаро амалиётдаги мавжуд бўлган, умумэътироф этилган тамойилларни ифодаловчи, арбитрлар ва арбитраж суд ишини юритуви бошқа иштирокчиларининг иммунитети тўғрисидаги ҳамда арбитраж иш юритувида вакиллик тўғрисидаги каби моддалар билан тўлдирилди. Шунингдек, қонуннинг баъзи моддаларига тегишли аниқлик киритилди. Муҳокамалардан сўнг қонун келишув комиссияси томонидан таклиф қилинган таҳрирда қабул қилинди ва Сенатга юбориладиган бўлди», — дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, қонун Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланувчи ва оммавий аҳамиятга эга бўлган функцияни амалга оширувчи фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда муддатлар ва хўжалик юритувчи субъектлар харажатлари қисқартирилишини таъминлаш мақсадига хизмат қилади.
Aввалроқ Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисини 7 август куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақда хабар берилганди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.