Шавкат Мирзиёев «CIIE-2020» Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этди

Шавкат Мирзиёев Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 4 ноябрь куни Шанхай шаҳрида «CIIE-2020» Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросими иштирокчиларига видеоалоқа орқали мурожаат йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ЭКСПОдек йирик тадбирнинг ўтказилаётгани Хитойнинг миллий иқтисодиётни тиклашда эришаётган муваффақиятларидан ҳамда кенг кўламли халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик ниҳоятда зарур эканидан далолат беришини таъкидлаган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти глобал инқироз шароитида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим масалаларига тўхталиб ўтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини кенгайтириш муҳим устувор йўналиш бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон минтақавий ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш учун кенг истиқболлар очиб бераётган «Бир макон, бир йўл» ташаббусини фаол қўллаб-қувватлаётгани, Марказий Осиё, Буюк ипак йўли даврида бўлганидек, Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит йўлакларининг хабига айланиши мумкинлигига ишонч билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон янги мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳасини тезлаштириш тарафдори эканини қайд этди.

Сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев кўргазма иштирокчилари фаолиятига муваффақиятлар тилаган ҳамда ЭКСПО якунлари жаҳон савдосини тиклаш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш жараёнига қўшимча суръат бағишлашига ишонч билдирган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросими иштирокчиларига видеоалоқа орқали табрик йўллаши маълум қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан жаҳон ҳамжамиятига 8 та таклиф бергани хабар қилинди.

Янгиликлар