Шавкат Мирзиёев Туркия президентига ҳамдардлик билдирди
Шавкат Мирзиёев 30 октябрь, жума куни Туркиянинг ғарбий ҳудудларида юз берган табиий офат — кучли зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани, кўплаб фуқаролар жароҳат олгани ҳамда катта талафот кўрилгани муносабати билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда шифо топишини тилаган.
Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни Туркия ғарбидаги Измир провинцияси Сеферихисар туманида 6,6 баллик зилзила қайд этилганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, 17 киши вафот этган, 438 киши жароҳатланган. Вайроналар остидан 70 дан ортиқ киши қутқариб қолинган. Aйни пайтда 17 та вайрон бўлган бинода қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўктам Барноев хонадонига бориб, унинг оила аъзоларига таъзия билдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг хонадонига бориб, марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиргани хабар қилинган.