Тўрақўрғонда ёнида 5,5 грамм марихуана олиб юрган эркак ушланди

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 19 октябрь куни олд чап чўнтагида 5,41 грамм марихуана олиб юрган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 19 октябрь куни ўтказилган «Қорадори-2020» тадбирида Тўрақўрғон туман Ички ишлар бўлими ҳуқуқий профилактика бўлими инспекторлари томонидан соат 23:30 ларда туман ҳудудида бемақсад юрган фуқаро кўздан кечирилган. Текширув давомида фуқаронинг эгнида бўлган спорт кийимининг олд чап чўнтагида оқ қоғозга ўралган, қуруқ ҳолдаги майдаланган, ўткир ҳидли, гиёҳванд моддасига ўхшаш модда борлиги аниқланган. Шунингдек, модда текшириб кўриш учун туман ИИБга олиб келинган.

Хабарга кўра, вилоят Ички ишлар бошқармаси экспертиза ва криминалистика бўлинмасининг хулосасига кўра, ушбу модданинг соф оғирлиги 5,41 грамм бўлган марихуана эканлиги аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 2 ноябрь куни Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Балиқчида чўнтагида 2,34 грамм, Когон туманида ёнида салкам 2 грамм, Чустда эса қўлидаги пакетда 300 граммдан ортиқ марихуана олиб юрган эркак ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Фурқат туманида хонадон ётоқхонаси ва ертўласида марихуана сақлаб келган эркак қўлга олингани маълум қилинган.

Янгиликлар