Чустда қўлидаги пакетда 300 граммдан ортиқ марихуана бўлган эркак қўлга олинди

Наманган вилояти Чуст туманида 19 октябрь куни қўлидаги целлофан пакетида 312 грамм марихуана гиёҳванд моддаси бўлган эркак қўлга олинди, деб хабар берди вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 19 октябрь куни соат 15:30 атрофида Чуст туман Ички ишлар бшлими Жиноят қидирув бўлинмаси тезкор вакили томонидан 1976 йилда туғилган фуқаронинг қўлидаги целлофан пакет Чуст шаҳар ҳудудида текширилган. Ичида оқ ранли целлофан пакетга ўралган кўкимтир рангли, ўткир ҳидли, нашасимон модда борлиги аниқланган. Далилий ашёлар холислар иштирокида текшириб кўриш учун олинган.

Вилоят ИИБ экспертиза криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, ушбу модданинг соф оғирлиги 312 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланган. Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 26 октябрь куни Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Иштихонда ертўласида 1,5 кг марихуана сақлаган 58 ёшли эркак қўлга олингани,  Учкўприкда уйида салкам 800 грамм марихуана сақлаган эркак  ҳамда  Балиқчида чўнтагида 2,34 грамм марихуанаси бўлган эркак аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар