Тошкент вилоятида 200 қути сифатсиз дорини ноқонуний равишда сотаётган шахс ушланди

Тошкент вилоятида сифати кафолатланмаган 200 қути «Фленокс 0,4» дори воситасини ноқонуний тарзда ҳар бир қутисини 380 минг сўмдан ҳисоблаб, 76 миллион сўмга сотган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Маълум қилинишича, фуқаро Қ.Ф. хорижда ишлаб чиқарилган сифати кафолатланмаган 200 қути «Фленокс 0,4» дори воситасини дорихона ва унинг филиалларидан ташқарида ҳар бир қутисини 380 минг сўмдан ҳисоблаб, 76 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186³-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада қиймати 117 миллион сўмдан ортиқ сифатсиз дориларни Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганлар аниқлангани ва Самарқанд шаҳрида 3 минг долларлик психотроп моддаларни сотмоқчи бўлган эркак қўлга тушгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Андижонда ҳужжатсиз дори воситаларининг нархини сунъий ошириб сотаётган гуруҳ ва Бухорога 139 дона кучли таъсир қилувчи дорини Тошкентдан олиб келаётган эркак қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар