Тошкентда янги ташкил этилган туманга ҳоким тайинланди

Ҳаёт Иноғомов 16 ноябрь куни ўтказилган Янгиҳаёт тумани Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, сессияда «Янгиҳаёт тумани ҳокимини тасдиқлаш тўғрисида»ги масала кўриб чиқилган ҳамда депутатлар томонидан ушбу лавозимга тавсия этилган Иноғомов Ҳаёт Илёсович номзоди бир овоздан маъқулланган.

Ҳаёт Иноғомов 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2008 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини тамомлаган.

Бунга қадар у Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 29 май куни Тошкентнинг Сергели туманига ташрифи чоғида пойтахт ҳокимлигига тўғридан-тўғри бўйсунадиган Янги ҳаёт кичик туманини ташкил этишни таклиф қилганди. 11 ноябрь куни Президент қарори билан Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ташкил этилган.

Янгиликлар