«Мақсадим — юмшоқ супурги бўлиб ўтиб кетмаслик». Актриса Ҳалима Ибрагимова Маданият вазирлигига ишга кирмоқчилиги ҳақида

Актриса Ҳалима Ибрагимова 26 декабрь куни «Омон-омон» кўрсатувига берган интервьюсида Маданият вазирлигига ишга кирмоқчилиги ҳақида гапирди.

Фото: Instagram / @xalimaxonim

Таъкидланишича, актриса 3 та интитутни тамомлаган. 2020 йилда Қозоғистоннинг Silkway» университетида психология йўналиши бўйича магистр унвонини олган.

«Барибир, ҳеч ким бўлди, шундай яшаб қўя қолай демайди. Одам 2 та ғишт қуяди, 4 ғишт қуяди. 1 қават хоҳлайди, 2 қават. Бизда ҳам худди шу нарса, мен ўзи ёшлигимда прокурор бўламан деб юрардим. Мактабда ҳам яхши ўқиганман, тилим 15 қарич бўлганига яраша.

Энди тақдир йўли билан санъатга кириб қолдим. Лекин, барибир, ёшликдаги истак бор. Ўшанинг учун маълумотим билан секин-секин юқорига интиламан», — дейди актриса.

Ҳалима Ибрагимова вазирликка ишга кирганда қандай ўзгаришлар амалга оширмоқчи эканлиги ҳақида ҳам гапирган:

«Менинг мақсадим — юмшоқ супурги бўлиб ўтиб кетмаслик. Тўғри, бир хил пайтда ақлимиз етиб, илмимиз етмаслиги мумкин. Лекин шу ерда ишлаётган ходимлар билан биргаликда маслаҳатлашиб, қаттиққўллик билан бажариладиган ишларни менга беришса бўлади».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳалима Ибрагимова ўзининг Инстаграм саҳифасида Зоҳиршоҳ Жўраевнинг Санжайга нисбатан айтган гапларини, танқидини маъқуллаган ва у тўғри иш қилганини таъкидлаганди.

«Санжайга бўлган муносабатни кўрдим. Менимча Зоҳиршоҳ тўғри иш қилган сабаби катта устозлар қўшиқларини бузиб, кавер қилиб айтилганини ҳазм қилолмайди… Кавер қилишдан олдин устозни олдидан ўтиш керак эди, рухсат сўраб, балки рози бўлишмасди лекин олдидан ўтгани қолар эди», — дея изоҳ қолдирган актриса.

Шоу-бизнес