Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш мумкинлиги белгиланди

Шавкат Мирзиёев томонидан 29 сентябрь куни «Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди.

Фото: «Tez News»

Қонун билан Ер кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш мумкин. Бунда ушбу тоифадаги ерлар 1 йилгача муддатга иккиламчи ижарага берилади:

  • инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ёки ўрмон фонди ерларини иккиламчи ижарага бериш тарафларнинг келишувига кўра, лекин ер участкасини ижарага бериш шартномаси муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас;
  • ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим;
  • ер участкасини ижарага бериш шартномасининг муддатидан илгари бекор қилиниши иккиламчи ижара шартномасининг ҳам бекор қилинишига сабаб бўлади (шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса).

Таъкидланишича, ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш тарафларнинг келишувига кўра, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг қарорига кўра амалга оширилади. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.

«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, фермер хўжалигига берилган ер участкалари қишлоқ хўжалик экинларини оралиқ экиш учун 1 йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкин.

Шунигдек, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, деҳқон хўжаликлари ўзига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкаларини ёки унинг бир қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида вақтинча фойдаланишга бериши мумкин. Бунда ер участкасидан вақтинча фойдаланиш тартиби тарафларнинг келишуви асосида белгиланади.

Маълумот ўрнида, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Аввалроқ Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали тадқиқотчиларига 50 гектар ер ажратилгани ҳамда Тойлоқда ерни ноқонуний ўзлаштирган 5 нафар фуқародан салкам 33 миллион сўм жарима ундирилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар