Жондорда авария ҳолатига келган кўприклар нега таъмирланмаганининг сабаби маълум қилинди

Бухоро вилояти Жондор туманидаги авария ҳолатига келиб қолган кўприклар бирор корхона ёки ташкилот балансида бўлмаганлиги боис шу вақтга қадар таъмирлашнинг имкони бўлмаган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 29-сентябрь куни «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот 24» информацион дастурида Бухоро вилояти Олот, Қоракўл, Жондор, Шофиркон, Бухоро ва Когон туманидаги кўп қаватли уй-жойлардаги канализация тизими, иссиқ сув таъминотидаги муаммолар ва айрим ҳудудлардаги кўприклар носозлиги ҳамда ҚВПларнинг яроқсиз ҳолга келгани танқид қилинган.

Ушбу танқидий лавҳада маълум қилинишича, Жондор туманида жами 31 та кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлиб, мазкур уйларда 102 та кириш йўлаклари, 438 хонадон бор. Жондор ширкатига қарашли М.Торобий кўчасида жойлашган, 2017—2019 йил давомида қурилган 10, 11, 12, 13-уйлар марказлашган ичимлик суви, канализация, икки контурли иситиш тармоғига уланган.

Тумандаги Нурафшон кўчасида жойлашган 7 ва 9-уйлар 1976 йилда, Беруний кўчаси ҳудудида жойлашган 8 та уй 1984—1988 йилда қурилган. Мазкур уйларнинг қурилиш жараёнида лойиҳа асосида марказий канализация тармоғи қурилиши назарда тутилмаган. 2021—2025 йилларга мўлжалланган туман марказлари кесимида оқова сув тизимларини комплекс ривожлантириш дастурига асосан Жондор туманида Осиё инфраструктура инвестиция банки маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич 23,7 километрлик оқава сув тармоқлари қурилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2020 йилда тумандаги 4 та уйнинг томи, 2 та уйнинг кириш йўлакларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Айни вақтда 1 та янгидан ҳожатхона қурилиши ҳамда 1800 метр квадрат бетон тротуарлар қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Жондор туманидаги бир нечта кўприклар авария ҳолатига келиб қолган. Ушбу кўприклар бирор корхона ёки ташкилот балансида бўлмаганлиги боис шу вақтга қадар таъмирлашнинг имкони бўлмаган.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, Ибн Сино аҳоли пункти ҳудудидаги Ғарбий Ромитан зовуридаги кўприк, Ҳазорман аҳоли пункти ҳудудидаги Темир йўл зовуридаги кўприк, туман айланма халқа йўлидаги Оромгоҳ аҳоли пунктига ўтувчи Марказий Бухоро зовуридаги кўприк, Хумин аҳоли пункти ҳудудидаги Параллел Денгиз кўл зовуридаги кўприк ҳамда Раҳимобод аҳоли пункти ҳудудидаги Жанубий ташлама каналидаги кўприкларни туман ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонаси балансига ўтказилиш бўйича вилоят ҳокимига таклиф тайёрланди», — дейилади ҳокимликнинг расмий муносабатида.

Аввалроқ Норин тумани аҳолиси учун вақтинчалик кўприк қуриш бошлангани, Наманганда мактаб олдидаги кўприк носозлиги акс этган видео тарқагач, уни тузатишга 1 ҳафта вақт берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар