Ўзбекистонда моддий ёрдам пули ажратилишидаги қонун бузилишлар юзасидан прокуратурага мурожаат қилиш сўралди

Шавкат Мирзиёев 30 июль куни «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Моддий ёрдам Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан (150 миллиард сўм) ажратилиши белгиланган.

31 июлдан бошлаб ижтимоий тармоқларда моддий ёрдам пули ажратилиши жараёнида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани ҳақидаги хабар ва видеолар тарқалди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, ташкилот томонидан мазкур фармон ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида махсус штаб тузилиб, аниқ тадбирлар белгиланган ҳамда ҳудудий прокурорларга алоҳида топшириқлар юборилган.

«Прокуратура органлари томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан, белгиланган пул маблағларининг тўлиқ ва ўз муддатида манзилли етказилиши алоҳида назоратга олиниб, қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда қатъий чоралар кўрилиши таъминланади», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Шунингдек, агарда бундай ҳолатлар кузатилган тақдирда фуқаролардан тегишли ҳудуд прокуратурасига мурожаат қилиш сўралган.

Мурожаат учун телефонлар:

  • Aндижон вилоят прокуратураси – 74 227-1007
  • Бухоро вилоят прокуратураси – 65 221-1007
  • Жиззах вилоят прокуратураси – 72 226-1007
  • Қашқадарё вилоят прокуратураси – 75 228-1007
  • Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси – 61 222-1007
  • Навоий вилоят прокуратураси – 79 210-1007
  • Наманган вилоят прокуратураси – 69 227-1007
  • Самарқанд вилоят прокуратураси – 66 231-1007
  • Сирдарё вилоят прокуратураси – 67 235-1007
  • Сурхондарё вилоят прокуратураси – 76 223-1007
  • Тошкент шаҳар прокуратураси – 71 202-1007
  • Тошкент вилоят прокуратураси – 71 230-1007
  • Фарғона вилоят прокуратураси – 73 244-1007
  • Хоразм вилоят прокуратураси – 62 226-1007

«Прокуратура органлари ҳар бир хабар юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлайди ва фуқароларимиздан ваколатли идоралар томонидан тасдиқланмаган турли асоссиз хабарларга таянмасликни сўраб қолади», — дейилади хабарда.

Aввалроқ Тошкент шаҳрида моддий ёрдам пуллари фақат «темир дафтар»га киритилганларга тарқатилгани маълум қилинганди. Шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаевнинг таъкидлашича, «Саховат аргас» электрон тизимига киритилган оилаларгагина ёрдам пуллари тарқатилган.

Янгиликлар