Сўхдаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланиб қўлга олинган блогер Дадахон Ҳайдаров озод этилди

Сўхдаги тартибсизликлар ортидан 6 киши қўлга олингани ва улар орасида блогер ҳам борлиги хабар қилинган эди. 2 сентябрь куни блогер Дадаҳон Ҳайдаров озодликка чиқарилган.

Кадр: Видеодан / «Dengiz TV»

Бу ҳақида унинг адвокати Ҳамидахон Абдуназарова Kun.uz’га маълум қилишича, ҳимояси остидаги шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб этиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун етарли асослар бўлмаган. Шу сабабдан у тергов органининг қарори билан қўйиб юборилган.

Маълумот учун, 2020 йил 31 май куни Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Чашма» булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.

Эслатиб ўтамиз, блогернинг тўсатдан ғойиб бўлиб, бунинг ортидан отаси «Gazeta.uz» сайтига ўғли 22 август куни вертолётда бошига қоп кийдирилган ҳолда олиб кетилганини айтгач, жамоатчиликда кўплаб саволлар пайдо бўлган эди.

Бош прокуратура Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг ҳибсга олинганидан 8 кун ўтиб, бу ҳақида ахборот берди. Унда Бобоҳайдаров жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 226-моддаси тартибида ушлангани айтилади.

Аввалроқ Сўхдаги тартибсизликлар ортидан 6 киши қўлга олингани, улар орасида Фарғона ҳокимининг истеъфосини сўраган блогер ҳам борлиги хабар қилинган эди.

Янгиликлар