Ургутда маҳалла раиси кўмак пулларини ўзлаштириб, депутатлар текширишини билгач, қайтариб бергани рад этилди
Оммавий ахборот воситаларида 30 август куни Ургут туманининг «Катта Санчиқул» маҳалласида кам таъминланган оилаларга бериладиган бир миллион сўм пулнинг юз минг сўмини маҳалла раиси ушлаб қолиб, депутатлар келишини билгандан сўнг қайтариб берилганлиги айтилган мақола юзасидан Ургут туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу маълумотни ўрганиш мақсадида Ургут туман Халқ қабулхонаси, 1- ва 2-сектор штаби аъзолари, туман маҳалла ва оилани кўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ 31 август куни «Юқори Санчиқул» ва «Санчиқул» маҳаллаларида «темир дафтар»га киритилган оилалар билан учрашган.
Қайд этилишича, ўрганиш жараёнида «Юқори Санчиқул» маҳалласида 10 та оилага ва «Санчиқул» маҳалласида 14 та оилага бир марталик моддий ёрдам бир миллион сўмлик пуллар олган ҳар бир фуқаро билан суҳбат ўтказилган.
Суҳбатда маҳалла раислари томонидан Қурбон ҳайити байрами муносабати билан тарқатилган бир марталик моддий ёрдам пул маблағларини фуқаролар тўлиқ олишганлигини ўз тушунтириш хатларида маълум қилишган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижон шаҳрида эҳтиёжманд оилаларга ажратилган пул адолатсиз тақсимлангани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, оиласига таҳдид қилинган ургутлик эркакнинг Президентга йўллаган видеомурожаати юзасидан муносабат билдирилган.