Оиласига таҳдид қилинган ургутлик эркакнинг Президентга йўллаган видеомурожаати юзасидан муносабат билдирилди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Оиланг билан йўқ қиламан дейишди! Президент ёрдам беринг» номли видеомурожаат юзасидан Тергов департаменти расмий муносабат билдирди.
Маълумотларга кўра, видеомурожаатда Раззоқов Шаҳбоз акаси Б.О. вафот этгани бўйича Самарқанд вилояти Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида унга ва укаси Раззоқов Зиёдуллага нисбатан руҳий тазйиқ ўтказилгани айтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан аниқланишича, 18 август куни соат 08:53 да Ургут туман «Хўжабаланд» маҳалласида яшовчи фуқаро Б.О. Ургут тумани тиббиёт бирлашмасига қорин бўшлиғи ёпиқ шикасти, посттравматик шок 1-даража тан жароҳатлари билан мурожаат қилган. Бироқ жарроҳлик амалиёти ўтказилишига қарамай, Б.О. 19 август куни шифохонада вафот этган.
Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, Б.О.да қорин бўшлиқ аъзолари ёпиқ жароҳати, ўн икки бармоқ ичаги қорин парда орти травматик йиртилиши ва қорин парда орти соҳаси гематомаси каби жароҳатлар аниқланган.
Туман тиббиёт бирлашмасининг хабарига асосан, Ургут тумани профилактика инспектори ушбу ҳолат бўйича фуқаро Б.О.нинг аёли С.И. ва укаси Р.Ш. ҳамда отаси Ў.О.лардан тушунтириш хати олганда улар Б.О.ни 18 август кечаси маст ҳолда уйга келиб, зинапояга йиқилиб, тан жароҳати олганлигини айтган. Б.О.га нисбатан ҳеч ким тан жароҳати етказмаганлигини, ҳеч кимга даъволари йўқлигини билдирган. Мазкур ҳолат далолатнома тарзида расмийлаштирилиб, Б.О.нинг турмуш ўртоғи ва ота-онаси ҳамда укаларидан тилхат ҳамда тушунтириш хатлари олинган.
Терговга қадар текширув жараёнида тўпланган ҳужжатларга кўра, ҳодиса куни марҳум Б.О. уйга спиртли ичимлик таъсирида маст ҳолатда келганлиги сабабли укалари ва отаси билан ўзаро жанжаллашган. Сўнг уни арқон билан боғлаб қўйишган. Аммо Б.О.нинг соғлиғи ёмонлашиб, ички аъзоларидаги оғриқдан шикоят қилган. Тонгда эса тез ёрдам чақириб, уни шифохонага олиб борган.
Ҳозирда ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Шунингдек, юқоридаги фуқаролардан тушунтириш олиш жараёни тўлиқ видеога олинган. Видеотасвирда тергов органи ходими томонидан руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилганлиги аниқланмаган. Раззоқов Зиёдулланинг видеомурожаатдаги важларини тўлақонли текшириш мақсадида ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинланган. Тергов якунига кўра қўшимча маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, Aндижонда ИИБ ходимлари спортчи талабани калтаклагани ҳақидаги видео юзасидан баёнот берилганди. Шунингдек, «Қайнопа ўз куёвини сотиб юборди» видеомурожаати юзасидан Наманган вилоят прокуратураси расмий маълумот берган.
Аввалроқ Наманганда ака ўгай укасини темир лом билан ўлдириб, унинг жасадини ёқиб юборгани ҳамда Наманганда жанжал оқибатида ука аканинг қўлини белкурак билан чопиб ташлагани ҳақида хабар берилганди.