Олмалиқ ҳокимининг ўғлига ўхшаш йигитнинг жанжал иштирокчисига айлангани ҳақида видео тарқалди (видео)

Интернетда Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғлига ўхшаш йигит билан боғлиқ яна бир видео тарқалди. Бу ҳақда журналист Никита Макаренко маълум қилди. Аввалроқ ҳокимнинг ўғли TikTok’да пойтахт атрофида қандай қилиб катта тезликда (150 км/соат) ҳаракатлана олиши акс видеони эълон қилган эди.

Кадр: Telegram

Кадрларда Дилшод Исмоиловга ўхшаш йигит дўстлари билан қандай қилиб жанжал бошлагани акс этган. Шу билан бирга, йигитларнинг қўлларида махсус қурол ҳам борлиги кўзга ташланган.

Журналистнинг сўзларига кўра, канал ўқувчиси йигит ва унинг дўстлари унга ва 56 ёшли отасига ҳужум қилганини айтган. Журналист воқеа 8 июнь куни содир бўлганлигини ёзади, бу Тошкент шаҳар ИИББ хабаридаги фактлар билан мос тушади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ TikTok’да Dilshod_550 фойдаланувчиси пойтахт атрофида қандай қилиб катта тезликда (150 км/соат) ҳаракатлана олиши акс видеони эълон қилган эди. Кейинчалик катта тезлик билан шаҳар атрофида айланиб юрган йигит Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли бўлиб чиқди.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, «Tracker» русумли автомобиль ҳайдовчиси — 20 ёшли Исмоилов Дилшод Усмон ўғлига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган.

Тузилган баённомага кўра, ҳайдовчи Чилонзор тумани Бунёдкор кўчаси бўйлаб автомашинани юқори тезликда бошқариб, йўл транспорт ҳодисаси содир этилиши мумкин бўлган ҳолатни юзага келтирган (видеога туширилган ҳолат) ва шу сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) иккинчи қисмига мувофиқ жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотларига кўра, мазкур ҳайдовчи 2019 йилда 8 та ҳуқуқбузарлик содир этганлиги қайд этилган (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши), 2020 йилда ҳам у томондан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони 8 тани ташкил этмоқда (худди ўша модда бўйича, шулардан тўрттасининг жаримаси тўланмаган).

Янгиликлар