Шофиркон тумани ҳокими ўтказган қабулда 18 та мурожаат ҳал этилди
Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳокими Шукурулла Ҳакимов 2 октябрь куни ўтказган қабулда келиб тушган 25 та мурожаатдан 18 таси ҳал этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаролардан, асосан, электр энергияси ва табиий газ истеъмолини яхшилаш, йўл таъмири, бандликни таъминлаш, саломатлигини тиклашда ёрдам каби қатор масалаларда мурожаатлар келиб тушган.
Қайд этилишича, пашмонлик «темир дафтар»га киритилган аёлнинг икки қизи Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институти ҳамда Жиззах давлат педагогика университетларига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган.
Қабул мобайнида аёл фарзандларининг тўлов-шартнома маблағини тўлашда туман раҳбаридан амалий ёрдам кўрсатишини сўраган. Унинг мурожаати бўйича туман ҳокими ҳар иккала талабанинг ўқиши учун шартнома пулининг 50 фоизини банкдан субсидия асосида тўлаб берилиши бўйича масъулларга кўрсатма берган.
Шунингдек, «Неккиши» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мастура Сиддиқова ўғлининг, «Талисафед» МФЙда яшовчи Дилором Эргашева қизининг тўлов-шартнома пулларини тўлашда туман ҳокимига билдирган мурожаатлари банкдан кредит ажратиш орқали ҳал этилган.
Қабул жараёнида тингланган 25 та мурожаатдан 18 таси жойида ҳал этилган. Қолган мурожаатлар бўйича тушунтириш берилган.
Аввалроқ Оқдарёда Солиқ қўмитаси ўтказган сайёр қабулда 8 кишининг мурожаати жойида ҳал қилингани ва Нуробод тумани ҳокими ўтказган қабулда 10 та мурожаат ҳал этилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Президент маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов Қорақалпоғистоннинг қатор туманларида сайёр қабул ўтказгани ҳамда Фарғона туманидаги сайёр қабулда 12 нафар фуқаро мурожаати жойида ҳал этилгани маълум қилинган.