Алишер Усмонов Қорақалпоғистоннинг қатор туманларида сайёр қабул ўтказди

Президент маслаҳатчиси ўринбосари Aлишер Усмонов раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи 11—18 cентябрь кунлари Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларида сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Қайд этилишича, ўтказилган тадбирлар давомида жами 3076 та масала бўйича мурожаат қабул қилиниб, шундан 1017 таси ижобий ҳал қилинган, 785 та мурожаатга тушунтириш берилган ва 1274 та мурожаат ижро учун назоратга олинган.

Фуқаролар томонидан асосан иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уй-жой ва моддий ёрдам, суд қарорлари, ички ишлар органлари фаолияти, йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминоти, уй-жой коммунал хизмати, соғлиқни сақлаш, тижорат банкларига оид ва бошқа масалаларда мурожаат келиб тушган.

Оммавий қабул доирасида сайёр суд мажлислари ўтказилган ҳолда Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан 30 нафар маҳкум жазонинг ўталмаган қисмидан шартли равишда озод қилинган. Бундан ташқари, 25 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш кўрилиб, ҳуқуқбузарлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддасига асосан огоҳлантирилиб, жавобгарлик ва жазодан озод этилган.

Шунингдек, тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектлардан келиб тушган 11 та даъво аризаси кўриб чиқилиб, шундан тадбиркорлик субъектлари фойдасига 590,3 миллион сўм ундирилган.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Бош прокуратура томонидан 2 та суд қарорига протест келтирилган, 5 та жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинган, 4 та жиноят ишига кўрсатма берилган. Бундан ташқари, Қораўзак тумани «Қуралпа» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 90 та хонадонга тозаланган ичимлик суви етказиб берилган, жами 5 километр йўлларга қум-шағал ётқизилган. 5 нафар фуқарога жами 238 миллион сўмлик кредит маблағи олиб берилган ва 31 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарларига мурожаат қилган 6 нафар фуқаро ички ишлар органига ишга қабул қилиниб, 2 нафар фуқаро қайта ишга тикланган, 11 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилган.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш бўйича 17 нафар фуқарога ҳужжат расмийлаштирилган. 1 нафар фуқарога манзил колониясига ўтказиш масаласи ҳал қилинган. Келиб тушган мурожаат бўйича 1 километр йўлга шағал ётқизилган, 1 та кам таъминланган оиланинг уй-жойи тўлиқ таъмирланган.

Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари томонидан Кегейли туманида яшовчи кам таъминланган З.Ибрагимовага уй-жойини таъмирлаш учун 6 минг дона ғишт, Чимбой туманида яшовчи кам таъминланган Т.Жиемуратова ва Қораўзак туманида яшовчи 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс К.Жумабоев хонадонлари таъмири учун 240 та шифер берилган. Шунингдек, 1,6 километр йўлга қум-шағал ётқизилиб, 860 метр йўл текисланган ва 15 километр йўл чуқурлари таъмирланган.

Жойлардаги оммавий қабул мобайнида 29 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. 41 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинган. 46 нафар фуқаро касбга тайёрлаш учун юборилган. 31 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланган. 3 нафар фуқарога моддий ёрдам, 85 нафар ишсиз фуқарога ишга қабул қилиш учун йўлланма берилган.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари томонидан 22 нафар фуқарога даволаниш учун ордер, 8 нафар фуқарога ногиронлик гуруҳига чиқиш учун экспертизага йўлланма берилган 1 нафар фуқаро кислород концентратори билан таъминланган. Шунингдек, 15 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси ва эшитиш мосламаси топширилган. Бундан ташқари, 3 нафар фуқаро тиббиёт йўналиши бўйича ишга жойлаштирилган. Буюк британиялик тиббиёт ходимлари иштирокида 2 нафар беморга телетиббиёт мулоқоти орқали ташхис қўйилган. Қораўзак туманида 3 нафар беморга мураккаб юқори технологик амалиёт бажариш учун 200 миллион сўмлик молиявий манбани топиб, ёрдам кўрсатиш белгиланган.

Шу билан бир қаторда, табиий газ, электр энергияси таъминоти ва ичимлик суви бўйича бир қатор муаммолар ечимини топган. Жумладан, 2 та трансформатор таъмирланган, 3 та электр ёритгич, 2 та электр ҳисоблагич ўрнатилган, 400 метр СИП кабель тортилган ва 7 та таянч устун янгисига алмаштирилган. Қораўзак ва Тўрткўл туманларининг чекка ҳудудларига ичимлик суви етказиб берилган. 1 километр сув қувури тортилиши бошланган.

Халқ таълими вазирлиги раҳбарлари томонидан 5 та умумтаълим мактабига 75 дона компьютер синфи жиҳозлари етказиб берилган. Олий таълим муассасаларини тугатган ва ишсиз 32 фуқаро ишга қабул қилинган. Мактабгача таълим ташкилотига 10 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган. 3 та мактабгача таълим ташкилотига жиҳозлар ажратиб берилган ва биттасида таъмирлаш ишлари бошланган.

Фото: Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Қозоғистондан 48 нафар талабага Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Aжиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига ўқишини кўчириш учун буйруқ чиқарилган. Тижорат банклари томонидан 15 та тадбиркорлик субъектига 2,3 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Қарз ва зарарни ундиришга оид 16 та мурожаат бўйича 67,4 миллион сўм ундирилган.

Aввалроқ Қорақалпоғистонда 3 кун давом этган оммавий қабулда аҳолининг 150 га яқин мурожаати ижобий ҳал этилгани ҳақида хабар берилганди.